“МАСТ ЭДИМ, МЕН МАСТ ЭДИМ”

деб ўзининг жиноий қилмишни оқламоқчи бўлди жиноятчи Аҳаджон Туранов

Одатда, ичкиликка ружу қўйиш ҳар балони келтириб чиқаради. Айниқса спиртли ичиб, маст бўлиб қолган кимсанинг пулсизлиги ёдига тушиб қолса борми, ўғирлик қилишдан ҳам қайтмайди.

Аҳаджон Туранов 2019 йил 8 август куни эрталаб атайин Бешариқ шаҳри марказидаги “Анис” пивохонасига бориб, бир кайф қилиш учун йўлга тушди. У чўнтагидаги бор пулига кундуз 16:30 ларгача роса тўйиб пиво ичди ва қипқизил маст бўлиб қолди.

Аммо бундан буёғига чўнтаги бўм-бўш бўлиб қолаётган эди. Бир илинжи эвини қилиб пул топиш. Аммо осмон узоқ, ер қаттиқ деганларидек, пул дегани кўчадаги ерда шундоқ ётмайди. Бунинг учун меҳнат қилиш, тер тўкиш лозим бўлади. Аммо ўта маст бўлиб қолган Аҳаджонннинг назарида пул деганини ўғирлик қилиб ҳам топиш мумкин деган хаёл қамраб олди.

Ўша куни қачонлардир ўзи истиқомат қилган Бешариқ шаҳридаги “Халқлар дўстлиги” МФЙ, “Олтин водий” кўчасида жойлашган кўп қаватли уй унинг ёдига тушиб қолди. Маст эмасми, у тентираклаб ўша томон йўлга чиқди.

Бу вақтда  Аҳаджон мўлжалга олган кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонда яшовчи она-бола Г.Исақова ва С.Султоновалар кун иссиғида бозордан келишиб, ўз хонадонлари эшигини қия очиқ қолдириб, ёнма-ён хонада уйқуга кетган эдилар. Аҳаджон кўп қаватли уйнинг хонадонлари эшигини бир-бир тортиб кўраркан, кутилмаганда она-боланинг хонадони эшиги қия очиқлигига кўзи тушиб қолди. Тап тортмай кириб, кўрдики, иккита ёнма-ён хонада она-бола донг қотиб ухлаб ётишибди. Аввалига хонадон эгасини аввалдан танигани сабабли атайин “Гули, Гули” деб чақирган бўлди, сўнг онасини ҳам туртиб кўрди. Она-бола ўликдек донг қотганларига ишонч ҳосил қилгач, Г.Исақова ётган хона ўртасига қўйилган хонтахта тагидаги қимматбаҳо қўл телефонига астагина қўл чўзиб, чўнтагига солди-да, бу хонадондан тез чиқиб кетди.

Кечга томон уйғонган Г.Исақова тура солиб, уйқуга ётишдан олдин хонтахта тагига қўйган “SAMSUNG А3/7” русумли телефон аппаратига қўл чўзди. Аммо телефон ерга кириб кетгандек қўйилган жойида йўқ эди. Уйқусираган Г.Исақова дарҳол онасини уйғотиб, мабодо қимматбаҳо телефонини олган-олмаганини сўради. Онаси “билмайман” деб елка қисди.

Шундан кейин Г.Исақова хонадони эшигини очиқ қолдирган ҳолда ухлаб қолганларида кимдир хонадонига кириб, телефонини ўғирлаб кетганига ишонч ҳосил қилди. Шундан сўнг тезликда ИИБга ариза билан мурожаат этди.

Бешариқ тумани ИИБнинг тезкор  ходимлари гумондор А.Туроновнинг изига тушишди. Маст ҳолда уйида ухлаб ётган Аҳаджонни опаси уйғотиб, ИИБ ходимлари қидириб келишганини айтганида, маст бўлиб қолиб қандай жиноят содир этганлигини англаб етди ва ИИБ ходимлари талабига кўра ўз хоҳиши билан ёстиғи тагига яшириб қўйган ўғирланган “SAMSUNG А3/7” русумли телефон аппаратини олиб берди.

Дастлабки тергов-суриштирув жараёнида ва судда судланувчи А.Туронов ўша куни ўта маст бўлиб қолиб, Россия Федерациясида ишлаб қайтиб келган таниши Дадажонни қидириб, мастлиги сабабли шундай жиноятга қўл урганини айтиб, қилган ишидан пушаймонлик билдирди.

Табиийки, суд ҳукми билан А.Туранов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмини “г” банди билан айбли деб топилиб, унга энг кам ойлик иш ҳақининг 6 баравари миқдорида 1 миллион 338 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

О.ГАНИЕВ, Фарғона вилояти, Бешариқ тумани прокурори ўринбосари.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар