“ОШИНГ ҲАЛОЛ БЎЛСА КЎЧАДА ИЧ”

халқ мақоли асосида 22 йилдан буён узлуксиз, ҳалол ва ошкора эгалик қилиб яшаб келганлиги сабабли хонадон даъвогарга қолдирилиб, эгалик ҳуқуқи белгиланди.

Мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади (эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат).

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 187-моддаси, 1-банди.

З.Алимова “Қувасойцемент” АЖда ишлаб юриб, шу корхонада ишловчи таниши Н.Жабборовага ўзи яшаётган А.Навоий номли кўчадаги 84-уйнинг 4-хонадонини топшириб, уйнинг барча ҳужжатларини, эридан ажрашганлиги ҳаиқдаги ФҲДЁ гувоҳномасининг аслини ҳамкасбига топшириб кетди.

Н.Жабборова эса ушбу уйни яқин қариндоши Б.Тойировага текинга доимий яшаши учун бериб юборди.

Ушбу кўп қаватли уйда синглиси ҳам яшаётганлиги сабабли З.Алимова бу ерга тез-тез келиб турар, ўзининг эски хонадонида Н.Жабборованинг яқин қариндоши Б.Тойирова яшаётганлигини кўриб-билсада, индамасди.

Шу тариқа орадан 22 йил ўтди. Яқинда эса З.Алимова кутилмаганда эски уйига келиб, 22 йилдан буён ошкора яшаб келаётган Б.Тойировани бу уйдан кўчириб чиқариб юборди ва уйни эгаллаб олди.

Шундан сўнг Б.Тойирова жавобгар З.Алимовага нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги даъво талаби билан судга мурожаат қилди ва ўзи 22 йил яшаган хонадонга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилашни сўради.

Суд жараёнида даъвогар Н.Жабборова З.Алимовадан ушбу хонадонни 1996 йил 1 август куни 75 минг сўмга сотиб олгани, З.Алимова квартирага қўшиб уйнинг ҳужжатларини, ўзининг турмуш ўртоғидан ажрашганлиги ҳақидаги ФҲДЁ гувоҳномасининг аслини топширганини. Шунингдек, З.Алимова квартирасини исталган пайтда давлат нотариал идораси орқали унинг эгалигига ўтказиб беришга розилигини ҳам айтганлигини билдирди.

Жавобгар З.Алимова юқоридаги ҳолатларни рад этмагани ҳолда, фақат Н.Жабборова ва Б.Тойирвага уйини сотимаганини, фақат вақтинча яшаб туриши учун берганини, ҳозирда уй унга керак бўлиб қолгани учун Б.Тойировани хонадондан кўчириб чиқарганини билдириб, ўз даъвосини қувватлади.

Суд иш ҳолатларини ўрганиш жараёнида гарчанд ушбу хонадон Қувасой шаҳар давлат нотариал идорасида 1992 йил 28 июль кунги 1-465-сон билан қайд этилган олди-сотди шартномасига асосан жавобгар З.Алимовага тегишли мулкдир. БТИ ташкилотидан 1992 йил 19 декабрь куни давлат рўйхатидан ҳам ўтказилган. 1996 йилда эса хонадонни Н.Жабборовага топширган. 2018 йилга қадар эса хонадонни қайтариб беришларини талаб қилмаганлиги аниқланди.

Б.Тайирова эса судга 2000 йилдан бошлаб электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан ва бошқа коммунал хизматлардан фойдаланганлик учун тўланган ҳамда корхоналар томонидан тасдиқланган тўлов ҳужжатларини тақдим этди.

Суд амалдаги қонун талабларидан келиб чиқиб, даъвогар Б.Тайированинг З.алимованга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги даъво талаб қаноатлантирилди ва ушбу хонадонга нисбатан Б.Тайированинг эгалик ҳуқуқи ҳам белгиланди.

Элёржон ИСМОИЛОВ, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар