Кўрилди

4021 ТА ИЖРО ҲУЖЖАТЛАРИ ОРТИДАН

уч нафар МИБ давлат ижрочиларига оқлов ҳукми чиқарилди

Иш бор жойда, албатта, камчилик бўлади, дейишади. Қолаверса, жамиятимизда иш ҳажмига нисбатан штат бирлиги кам тизимлар ҳам топилади. Ана шундай идораларда бутун бир кунингизни навбатга бағишлаганингиз сир эмас. Масалан, ФХДЁ, ёки… нотариусда, дейлик. Ёдингизга тушди-а?.. Майли, булар ҳам изига тушиб кетар.
Бугунги айтмоқчи бўлганимиз эса, униси ҳам, буниси ҳам эмас.
Авваллари суд ижрочилари, айни дамда МИБнинг давлат ижрочилари деб аталмиш масъул ходимлар фаолиятига доир суд ҳукми билан танишар эканмиз, истисно тарзда юқоридаги мулоҳазани келтириб қўйдик. Боиси, албатта бундай тиқилинч жойларда муаммолар юзага келаверади, норозилик кайфияти кишини тарк этмайди. Бордию, ана шундай идораларда ишлаш шароити етарли бўлмаса-чи? Албатта, бу ҳам алохида масала.
Жорий йил бошида МИБ давлат ижрочиларидан уч нафари – Баҳром Қосимов, Сайёра Халилова ҳамда Робия Маматовага (шартли) суд ҳукми ўқилди. Уларнинг жиноий қилмиши иш юритувидаги ижро ҳаракати ўтказилиши лозим бўлган ҳужжатларни ваколат доирасидан чиққан ҳолда Наманган шаҳар, “Ибрат” кўчасидаги 11-сонли кўп қаватли уйнинг 5-қаватида жойлашган «Мукаммал қурилиш саноат сервис» МЧЖга қарашли бўлган, офис сифатида фойдаланишга мўлжалланган хонага паст ниятларда олиб чиқиб қўйганликда эди.
Бундан ташқари, мансабдор шахс бўлган Б.Қосимов гарданида яна бошқа айбловлар ҳам бор эди. Мансаб сохтакорлигига йўл қўйиш. Яъни 2017 йил 1 июндаги 12-Ф-сонли фармойиш талабларига кўра, келгусида ижро ҳаракатларини давом эттириш учун ҳужжатларини янги ташкил қилинган Мажбурий ижро бюросига тегишли тартибда топширмай, паст ниятларда яшириш, бунинг оқибатида ижро ҳаракатлари ўтказилмай ундирувлар қолиб кетиши, бу билан фуқаролар ҳамда давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда – 7 миллиард 513 миллион 186 минг 300 сўмлик моддий зарар етказилишига сабабчи бўлиш каби жиноий ҳаракатларни содир этишдек жинотяларни ҳам содир этишди.
Дастлабки тергов органи томонидан 27 нафар суд ижрочиларининг ҳаракатларида мазкур жиноят иши бўйича жавобгарлик белгиланган.
Ана энди юқоридаги музокарамиз билан боғланамиз. Яъни-ки, ишдаги тиқилинчлик, иш ҳажмининг кўплиги-ю, ишчи кучининг камлиги, боз устига иш шароитининг етарли эмаслиги оқибати нималарга қодир эканлигига тўхталамиз.
Мазкур жиноят ишидаги ана шу 27 нафар собиқ суд ижрочиларининг гувоҳлик кўрсатмаларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мазкур ҳолат, ҳужжатларнинг йўқ бўлиб кетиши олдини олиш, уларнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда архив қилиш мақсадида қилинган ҳаракат “оқибати”дир.
Шунингдек, жиноят иши кўрсатмаларида, иш ҳажми ҳар бир ижрочига тақсимланганда ойда 138 дона, чоракда 414 дона, йилда 1356 донага тўғри келиши, ижро ҳужжатларининг ижросини тўлиқ таъминлашнинг имкони йўқлиги, юқоридаги каби юмушлар эса айнан иш вақти тугагандан сўнг амалга оширилиши, баъзан ҳужжатларни уйга олиб кетиб, компьютерлаштиришга мажбур бўлиниши тилга олинади.
Жараён билан тўла танишиб бораркансиз, иш юритувдаги ва архивда сақланаётган ижро ҳужжатларини тартибга солиш, қолдиқ ва тамомланганлигига аниқлик киритиш, ҳужжатларни алоҳида-алоҳида қилиб ажратиш, иш самарадорлигини ошириш мақсадида оғзаки равишда архив мутахассиси жалб қилиниб, собиқ суд ижрочиларининг илтимоси, Наманган шаҳар бўлими катта суд ижрочиси (изоҳ: аввалги) Б.Қосимовнинг рухсати билан юқоридаги хонага олиб чиқилганлиги аён бўлади. Эътибор қаратиш жоиз бўлган бир жиҳат борки, бу ходимларининг ишлаш учун ўзига шароит қилиш мақсадида танлаган йўли бўлиб, бу ҳолатда Б. Қосимовнинг рухсат беришдан ўзга чораси йўқ эди, аслида. Бу ердаги ягона, айтиш жоиз бўлса катта хатолик, ҳужжатлар ташилаётгандаги эътиборсизлик туфайли ижроси тамомланмаган ҳужжатларнинг ҳам чиқиб қолганлигидир. Бу эса гўё Б.Қосимов томонидан берилган топшириқ бўлиб ишга киритилган.
Айтиш жоизки, ушбу ҳолат, яъни ҳужжатларни архивга топшириш рўйхатини шакллантириш учун алоҳида жой қилиш зарурлиги, иш шароитининг йўқлиги ва бу муаммолар туғдираётгани борасида раҳбариятга ҳам айтилган.
Айнан шу ҳаракатларни содир этганликда Б.Қосимов, С.Халилова ҳамда Р.Маматоваларни айблаб, хатоликка йўл қўйилган. Хулоса ўрнида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги сабабли ишнинг уларга оид қисмини Ўзбекистон Республикасининг ЖПКни 83-моддаси 2-бандига асосан ҳаракатдан тугатиб, тўғри тўхтамга келганлигини келтириш ўринли. Юртимизда бошқа соҳалар қатори суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар таҳсинга лойиқ. Бу эса юқоридаги каби жараёнларни ҳам тартибга солиш, жиноят аломати бўлмаган ишларда оқлов ҳукми чиқариш каби кенг имкониятларни ҳам юзага келтирди.
Худди шу важдан келиб чиқиб, суд Б.Қосимов, Р.Маматова, С.Халиловага нисбатан юритилган ишда жиноят таркиби йўқлиги муносабати билан тугатилиши, уларга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни лозим топди.

Сардорбек АБДУСАТТОРОВ, жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти, Учқўрғон туман судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *