Хусусий МУЛК ҲУҚУҚИни КАФОЛАТЛАШ – давр талаби

Мамлакатимизда шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ва инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилиши доирасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашни таъминлаш ҳамда шу муносабат билан етказилган зарарларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф қилиш мақсадида муҳтарам Президентимиз томонидан 2019 йил 3 августда “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-5491-сонли Фармойиши  чиқарилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5490-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма ташкил этилган ҳамда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилишини мазкур жамғарма билан мажбурий тарзда келишиш тартиби жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5495-сон Фармонига мувофиқ давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилиши, ер участкаларини олиб қўйишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши белгилаб қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинди.

2019 йил 5 августдан бошлаб, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, бошқа мақсадларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари қуйидаги босқичлардан иборат тартибда амалга ошириш белгиланди.

биринчи босқичда — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади;

иккинчи босқичда — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича — Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А. Раматов ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича Бош вазирнинг ўринбосари — молия вазири Ж. Қўчқоров томонидан хулоса тайёрланади;

учинчи босқичда — тайёрланган хулоса Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ер участкаларининг олиб қўйилишида қонун ҳужжатларига тўлиқ риоя этилиши, шу жумладан ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ҳамда дов-дарахтларни кўчириш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинганлиги ҳақида мулкдорларнинг белгиланган тартибда ва муддатларда хабардор қилиниши;

етказилган зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопланмагунга қадар олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморат ва иншоотларни бузиб ташлашга йўл қўйилмаслиги;

кўчирилган фуқароларга компенсация тариқасида ажратилган ер участкасини ўзлаштириш даврида белгиланган тартибда икки йилгача муддатда уй-жой берилиши ва бошқа талабларга қатъий амал қилиниши учун шахсан жавобгар эканлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз томонидан чиқарилган мазкур фармойиш шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ва инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга оширилиши доирасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Таджиев Шерзод,  Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро суди судьяси, судьялар олий мактаби тингловчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар