АХБОРОТ, ТАҲЛИЛ ВА НАТИЖА

Фарғона вилоят судлари раисларининг брифинг шаклида жамоатчиликка берган ахборотлари ҳақида

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида суд ҳокимиятининг нуфузини янада мустаҳкамлаш, судларнинг мустақиллигини таъминлашдан иборат бўлмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ҳам суд-ҳуқуқ тизими нуфузини ошириш, судларни ихтисослаштириш билан бирга, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифа этиб белгиланди.

Фармонда судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш белгиланган.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг 23 октябрь куни “Фарғонателерадиокомпанияси”да вилоятдаги бир қатор оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистлар билан ўтказилган брифингда Фарғона вилоятдаги суд раислари томонидан 2019 йилнинг 9 ойида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги фаолиятлари юзасидан ахборотлар берилди.

Тадбирда дастлаб фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раиси Ихтияр Касимов сўз олиб, ўзининг маърузасида ҳисобот даврида фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилояти судлари томонидан 2019 йилнинг 9 ойида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилганини таъкидлаб ўтди. Жумладан, судларда ўтган давр мобайнида 13 минг 413 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига (17749 та) нисбатан 24,4 фоизга камайган.

Шунингдек, 6 минг 821 та аризалар бўйича суд буйруқлари чиқарилиб, суд буйруқлари ҳам 35,5 фоизга камайган.

Кўриб тамомланган фуқаролик ишларининг 12 минг 16 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилиб, 10 минг 76 та ёки 83,8 фоиз даъво қаноатлантирилган, 1 минг 940 та даъво талаби қаноатлантиришдан рад қилинган, 521 та иш юритишдан тугатилган ва 876 та даъво кўрмасдан қолдирилган.

Судлар томонидан аҳоли муаммолари билан ишлаш, мунтазам равишда халқ билан очиқ мулоқот, давра суҳбатлари ва сайёр қабулларни ўтказилиши натижасида юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш, никоҳдан ажратиш, мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш, фуқароларнинг уй-жой низолари, жиноят натижасида етказилган зарарни ундириш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш каби тоифа ишлари сезиларли даражада камайган.

Шу билан биргаликда, хотин қизлар қўмиталари билан ҳамкорликда жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилаларни сақлаб қолиш мақсадида олиб борилаётган тадбирлар натижасида никоҳдан ажратиш ҳақидаги кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 12,1 фоизга камайган.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда ишларни кўриб чиқиш натижаларида аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳамда оилавий низоларни олдини олиш юзасидан 207 та хусусий ажримлар, 39 та тақдимномалар чиқарилган бўлса, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ташкилотларда 379 маротаба, оммавий ахборот воситаларида 126 маротаба турли ҳуқуқий мавзуларда чиқишлар амалга оширилган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи Фарҳоджон Ғаниев судларда жорий  йилнинг 9 ойи давомида 2 минг 621 шахсга нисбатан 2 минг 96 та жиноят ишлари кўриб чиқилгани, шундан 275 шахсга нисбатан 238 та жиноят иши аёллар, 66 шахсга нисбатан 53 та жиноят иши вояга етмаганлар ва 100 шахсга нисбатан 100 та жиноят иши олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан кўриб тамомланганини таъкидлади.

Бундан ташқари, инсонпарвалик тамойилини қўллаши натижасида 9 ой давомида 2 нафар шахс оқланган бўлса, 244 шахсга ёки 12,5 фоизига жарима;

1 шахсга ёки 0,05 фоизига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;

53 шахсга ёки 2,7 фоизига мажбурий жамоат ишлари;

660 шахсга ёки 34,0 фоизига ахлоқ тузатиш иши;

463 шахсга ёки 23,8 фоизига озодликни чеклаш;

417 шахсга ёки 21,4 фоизига озодликдан маҳрум этиш;

102 шахс ёки 5,2 фоизига шартли равишда жазо тайинланган.

Жорий йилнинг 9 ойида қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, безорилик, ўғирлик, пора бериш, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ ва бошқа турдаги жиноятлар  сезиларли даражада камайган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар ва Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 84 нафар шахсга жиноят иши бўйича озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, судланувчиларга нисбатан енгилликлар берилган.

Вилоят маъмурий суд раиси Абдурасул Эранов 2019 йилнинг 9 ойи давомида маъмурий судларда жами 25 минг 176 нафар шахсга нисбатан 20 минг 976 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилганини таъкидлади.

Жумладан 16 минг 63 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилган ва 9 минг 113 нафар шахсга нисбатан ишлар ҳаракатдан тугатилган.

Кўриб тугатилган ишлар бўйича 4 минг 502 нафар ёки 17,8 фоизи аёллар, 1 минг 154 нафар ёки 4,5 фоизи 60 ёшдан ошганлар, 297 нафар ёки 1,1 фоизи чет давлат фуқаролари, 2 минг 578 нафар ёки 10,2 фоизи тадбиркорлик фаолияти субъектларини  ташкил этган.

Судларда кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари тоифаси таҳлил қилинганида, энг кенг тарқалган ҳуқуқбузарликлар бу 3 минг 677 та шахс ёки 14,6 фоизи ҳақорат қилиш;

2 минг 640 та шахс ёки 10,4 фоизи лицензиясиз фаолият билан шуғулланиш;

2 минг 595 та шахс ёки 10,3 фоиз майда безорилик;

2 минг 202 та шахс ёки 8,7 фоиз транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш;

1 минг 874 шахс ёки 7,4 фоиз енгил тан жароҳати етказишни ташкил қилган.

Шунингдек, ҳисобот даврида маъмурий судлар томонидан 1 минг 402 та оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид ишлар кўриб тугатилган бўлиб, 966 та аризалар қаноатлантирилиб, аризачиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. 328 та иш бўйича аризалар рад қилинган. 75 та иш бўйича иш юритувдан тугатилган, 33 та иш кўрмасдан қолдирилган.

Туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан кўриб тугатилган ишлар бўйича ҳуқуқбузарликни олдини олиш ҳамда қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида жами 726 та тақдимнома ва 351 та хусусий ажримлари чиқарилиб, жойларга муҳокама қилиш учун юборилган.

Фарғона вилояти иқтисодий суди раиси Тиллаволди Атабаев иқтисодиёт соҳасидаги суд жараёнлари тадбиркорларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантиришга қаратилганини эътироф этди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида иқтисодий судлар томонидан жами 8 минг 309 та ишлар кўриб чиқилган.

Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37,4 фоизга камайган, ишларнинг 72,2 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Бу даврда 283 та ишлар суд буйруғи тартибида кўриб чиқилган бўлиб, жами кўрилган ишларнинг 3,4 фоизини ташкил қилган.

Кўрилган ишларнинг 2 минг 31 таси ёки 24,4 фоизи фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид, 5 минг 903 таси ёки 71,4 фоизи маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид, 360 таси ёки 4,3 фоизи ташкилот ва фуқароларнинг банкротлигига оид, 12 таси ёки  0,1 фоизи корпоратив муносабатларга оид ҳамда 3 таси ёки 0,03 фоизи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга оид ишларни ташкил этган.

Вилоят иқтисодий судлари томонидан хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 950  та иш кўрилиб, ишни кўриш натижаларига кўра, уларнинг фойдасига 199 миллион сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Таҳлилларга кўра, иқтисодий судларда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўлган қарз ундирувини қарздорнинг мол-мулкига қаратиш, маҳсулот етказиб бериш шартномаси билан боғлиқ низолар кўпайган бўлса, тадбиркорлик субъектларининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш, банкрот деб топиш, кредит шартномаси билан боғлиқ, шунингдек, коммунал хизмат кўрсатиш ва лизинг шартномаси билан боғлиқ низолар бирмунча камайган.

Судларда ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан жами 217 та суд таъсир чоралари қўлланилган. Хусусан, 7 та маъмурий иш қўзғатилган, 32 та моддий жавобгарликка тортиш ва 46 та интизомий жазо чораси қўллаш ҳақида, шунингдек, қонунбузарликларнинг олдини олиш юзасидан эса 132 та хусусий ажрим ва хабарномалар чиқарилган.

Фарғона вилоят судларида ҳар ҳафтанинг жума куни “Тадбиркорлар куни” ҳамда шанба куни “Очиқ эшиклар куни” деб белгилангани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Алишер АБДУЛЛАЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг суд амалиётини таҳлил қилиш ва статистикаси бўлими бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар