ТАДБИРКОРЛАРГА ЯНА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИЛДИ

Юртимизда бугунги кунда тадбиркорларни ҳар томонлама
қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришлари учун давлатимиз раҳбари томонидан кенг кўламли ислоҳатларни амалга ошириш баробарида уларнинг манфаатларига хизмат қилишга қаратилган жуда кўп қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда.

Халқнинг манфаатларига хизмат қилишга қаратилган яна бир ҳуқуқий ҳужжат – бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 сентябрь куни эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5837-сонли Фармони ҳисобланади. Мазкур Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад – бу Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида солиқ юкини камайтириш ва тадбиркорлик субъектларини солиққа тортишдаги номутаносибликларни қисқартиришдан, шунингдек, истеъмол бозорининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун уларга
шарт-шароитларни яратишдан иборатдир.

Фармонга мувофиқ, қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз «занжири»ни шакллантириш мақсадида жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб қўшилган қиймат солиғининг ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилиши белгиланди.

Энг асосийси, Фармон билан Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг тижорат банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришнинг амалдаги тартиблари бекор қилинди.

Фармон билан Вазирлар Маҳкамасига бир қатор вазифалар белгиланди.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг
2020 йилги Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда давлат корхоналари, устав жамғармаси (устав капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав жамғармаси (устав капитали)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ қисми давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсларга тегишли бўлган юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасининг 25 фоиздан 12 фоизгача пасайтириши, шунингдек, дивиденд шаклидаги тўланадиган даромадларга солиқ ставкасини сақлаб қолган ҳолда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасининг 15 фоиз миқдорида белгиланиши ҳамда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибининг бекор қилиши зарурлиги белгиланди.

Бундан ташқари, Фармон билан эндиликда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобига тўланган ягона солиқ тўлови суммаси жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ўтказилади.

Шунингдек, ушбу Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Нозимахон ТОЖИЕВА, Фарғона вилоят Адлия бошқармасининг Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси. 1-даражали юрист.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар