ДАЪВОНИ ҚАНОАТЛАНТИРИШ РАД ЭТИЛДИ

Бугунги кунда минг афсуслар бўлсинким, ака-ука, опа-сингил, ҳатто ота-она билан мол-мулк, уй-жой талашиш негадир “урф”га кирди. Буни шу йил 19 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судида бўлган суд мажлисида ҳам кўриш мумкин.

Даъвогар Мадаминжон (исм-шарифлар ўзгартирилган) жавобгарлар, яъни сингиллари ва онаси ҳамда нотариал идорасига нисбатан ҳадя шартномасининг бир қисмини ҳақиқий эмас деб топишни сўради.

Судда Мадаминжон ўз вақтида ота-онасининг уйида яшаганлигини айтар экан, бироқ отаси 1979 йилда ваофт этганидан сўнг бу хонадонда бир қатор қурилиш ишлари олиб борилганини, кейинчалик у хотини билан бошқа жойга кўчиб чиқиб кетганини, лекин онаси низоли уйни ўзининг номига эгалик ҳуқуқини белгилатиб, синглиси Оличахонга ҳадя қилиб берганлигини, ушбу низоли уй умумий мулк бўлганлиги сабабли ўзи ҳам меросхўр ҳисобланишини, ҳозирги кунда уй-жойга муҳтожлигини, хотинини номида бўлган уйда яшаб келаётганлигини, ушбу нотариал харакат нотўғри амалга оширилганлигини маълум қилиб, даъвони қаноатлантиришни ва ҳадя шартномасининг ½ қисмини хақиқий эмас деб топишни сўради.

Аниқланишича, Қўштепа туман ҳокимининг қарорига кўра, ҳовли-жой фойдаланишида бўлган 0.0903 га. ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ва ушбу ер участкасида қурилган 0001-0011 литерлардаги бино-иншоотларга мулк ҳуқуқи тан олинган.

Қўштепа туман давлат нотариал идораси томонидан қайд этилган уй-жойни ҳадя шартномаси тузилган ва уй-жойни қизига ҳадя қилган. Ҳадя қилинган уй-жой Қўштепа туман ҳокимининг қарорига кўра онасининг қизи оличахонга тегишли бўлиб, давлат рўйхатидан ўтказилган. “Ермулккадастр” Қўштепа филиалининг 2019 йил 17 майдаги маълумотномасига кўра, низоли уй-жой ҳадя шартномасига кўра Оличахонга тегишли.

Гарчи даъвогар ўзининг даъво талабида ҳадя шартномаси ноқонуний тузилганлиги, ҳадя шартномаси тузишда отасининг улуши инобатга олинмаганлигини, ўзининг биринчи навбатдаги меросхўр эканлигини важ қилсада, суд даъвогарнинг ушбу важлари билан келишмайди.

Иш хужжатларида мавжуд бўлган кадастр хужжатларидан кўринишича, низоли уйдаги бино-иншоотлар 1982-2004 йилларда қурилган. Ушбу ҳолатни даъвогар ҳам суд мажлисида берган тушунтиришида айтиб ўтди.

Суд, даъво талабини муҳокама қилиб, амалдаги қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий кўрсатмаларидан келиб чиқиб, ҳадя шартномаси қонун ҳужжатлари талабига риоя қилинган ҳолда тузилганлигини, ушбу нотариал ҳаракатни амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмаганлигини, низоли уйда марҳум отасининг улуши мавжуд эмаслигини, низоли уйдаги бино-иншоотлар марҳум вафотидан кейин қурилганлигини, шу сабабли низоли уй эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланмаслигини, жавобгар Оличахон низоли уйнинг мулкдори эканлигини, мулкдор ўз мулкини эркин тасарруф қилиш ҳуқуқига эга эканлигини ҳисобга олиб, ҳадя шартномасини ½ қисмини бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисоблади ва даъво талабини қаноатлантиришдан рад этишни лозим топди.

Нозимжон ЭГАМОВ, фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг судъяси.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар