АЛИМЕНТ МАЖБУРИЯТЛАРИ ҚАНДАЙ?

Алимент (лотинча сўздан олинган бўлиб, қарамоғидаги ва боқимидаги) бир шахснинг бошқа шахсга мажбуран ёки ихтиёрий равишда тўлайдиган нафақа ҳисобланади. Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш икки усулда алимент ундириш тўғрисидаги келишув ҳамда суд ҳужжати асосида амалга оширилади. Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. (Оила кодекси, 98-модда) Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. (Оила кодекси, 131-модда)

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини 96-моддасига асосан, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Қонунчилигимизда вояга етмаган болалар таъминоти учун ундириладиган алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бир қатор имтиёзлар берилган. Жумладан, бундай ҳуқуқга эга бўлган шахс ўзи яшаб турган жойда жойлашган судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд; алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган; алимент ундириш тўғрисидаги ишлар (оталиги белгиланган ҳолларда) суд буйруғи тартибида кўрилади; алимент ундириш тўғрисидаги ишлар дарҳол ижрога қаратилади.

Даъвогарнинг танлови бўйича ўзи яшаб турган жойдаги фуқаролик судига ариза бериш ҳуқуқи (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 34-моддаси) мавжуд бўлиб, бу имтиёз алимент ундирувчини ортиқча сарсон бўлишини олдини олиш мақсадида киритилган. Мисол учун, алимент ундирувчи Фарғона вилоятида, алимент тўловчи Андижон вилоятида яшайди. Бундай ҳолатда алимент ундирувчи алимент ундириш масаласида судга мурожаат қилаётганида Андижон вилоятидаги судга мурожаат қилиши шарт эмас, аризасини ўзи яшаб турган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига топшириши мумкин.

Алимент ундириш тўғрисидаги ишлар юзасидан ариза билан мурожаат қилинганида, фуқаролик ишлари бўйича судларга давлат божи тўланмайди (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 329-моддасига). Албатта, бу ерда боланинг манфаати устун эканлигини кўришимиз мумкин. Алимент ундирувчи судга боланинг таъминоти учун маблағ зарурлигидан мурожаат қилаётган бўлса, ундан давлат божи ундириш мантиқан ҳам тўғри келмайди.

Вояга етмаган болага нисбатан оталик белгиланган ҳолларда алимент ундириш тўғрисидаги аризалар буйруқ тартибида, яъни суд муҳокамасини ўтказмасдан суд ҳужжати қабул қилиш йўли билан кўриб чиқилиб, дарҳол ижро этиш учун мажбурий ижро бўлимига юборилади. Фуқаролик процессуал кодексининг мазкур нормаси алимент ундирувчига фуқаролик судларида алимент тўғрисидаги ишларни тезда кўрилишида хизмат қилади.

Алимент ундириш тўғрисидаги ишларни дарҳол ижрога қаратилиши (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 266-моддаси), ижро ҳаракатларини тўхтатиш мумкин эмаслигини англатиб, албатта, бола манфаатларини инобатга олиб яратилган қонун нормаси ҳисобланади.

Алиментни вақтида тўламаса, жазога тортиладими? Албатта, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини 474-моддасига кўра, алимент тўлашдан бўйин товлаш, суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шундай қилмиш маъмурий жавобгарликка тортилганидан сўнг яна содир этилса, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексини 122-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилади.

Амалиётда алимент ундириш билан боғлиқ ишлар эр-хотиннинг ўзаро келишмовчиликлари натижасида бирга яшамай қўйишлари, никоҳдан ажралишлари натижасида келиб чиқмоқда. Қисқача қилиб айтганда, оиладаги носоғлом муҳит, ёш оилаларни арзимаган сабабларга кўра бирга яшамай қўйишлари оқибатида юзага келмоқда. Натижада болалар отасиз, онасиз улғаймоқда. Ҳар бир ота-она болалар давлатимизнинг эртанги келажаги эканлигини ҳис қилган ҳолда, оилада соғлом муҳит яратишга маъсул эканлигини унутмаслиги лозим.

Жаҳонгир САТТОРОВ, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судьясининг катта ёрдамчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар