“АЖРАШИБ ҲАМ КЕТАРСИЗ…

(Воқеий ҳикоя)

лекин фарзандларингиз тирик етиб бўлиб қолади-ку!”

(Воқеий ҳикоя)

Гулнора оилада кенжа фарзанд. Унинг битта опаси ва иккита акаси «У бор бўлса, уйимиз кечалари ҳам ёришиб туради», деб уни доим эркалатиб, Гули деб чақиришади. Отаси ва онаси унинг келажакда етук шифокор бўлишига умид боғлашади. Унинг отаси қишлоқдаги автокорхонада ҳайдовчи, онаси эси поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлайди.

Мактабни тамомлаган Гулнора туман марказидаги академик лицейда ўқишни давом эттирди.

У мактабда ҳам, лицейдаги ўқишининг бошланишида ҳам барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиди. Лекин, лицейда охирги ўқув йилида унинг характери бутунлай салбий тарафга ўзгариб кетди, дарсларга ўз вақтида бориб, уйга ҳам ўз вақтида қайтса-да, уйда, кўча-кўйда ўзини тутиши ёмонлашиб кетди, ота-онасига ҳам, кўча-кўйда бошқаларга ҳам қўпол муносабатда бўлишга одатланиб қолди.

Бундан унинг ота-онаси жуда хавотирга тушсалар-да, қизининг бундай ўзгариб кетганлигининг сабабини тополмасдан қийналишди. Қизи шундай ҳолатда бўлишига қарамай, унга танбеҳ бермасдан, фақат яхшиликларни тушунтириб, кейинчалик турмуш қургач, бошқа оилага келин бўлиб боришини, у ердагилар билан тил топишиб кетиши, эрини ҳурмат қилиши ва унинг ота-онасини ўз ота-онасидек кўриши кераклиги каби ҳолатларни кўп уқтиришди.

Ўқишга бўлган қизиқиши йўқолган Гулнора лицейни ўрта баҳода якунлади. Ота-онасининг кўрсатмаси билан Андижон шаҳридаги тиббиёт олийгоҳига ҳужжатларини топшириб келди. Имтиҳон кунига қадар икки ой давомида ота-онаси унинг имтиҳонга тайёрланишига барча имкониятларни яратиб берди. Бундай шароитдан унумли фойдаланмаган Гулнора вақтини зое кетказди, имтиҳонга тайёрланиш машғулотларига ҳам ота-онасининг аччиғи чиқмаслиги учун мажбуран қатнади. Бўйнидан боғлаган ит овга ёлчимабди, деганларидек, имтиҳонга тайёрланиш машғулотларидан деярли ҳеч қандай фойда олмаган Гулнора имтиҳон куни ота-онаси билан олийгоҳга борди ва имтиҳонни топшириб, уйга қайтди. Ота-онасига барча саволларга тўғри жавоб бердим, қабилидаги жавоби билан уларни овунтирди, лекин аслида бундай эмас эди.

Имтиҳон натижаси аниқланадиган кун ҳам келди. Не умидлар билан олийгоҳга келган Гулноранинг ота-онаси қизининг ўқишга кира олмаганлигини билиб, уйга хомуш қайтишди, лекин қизини хафа қилиб, койимади. Аксинча, келаси йил яхши тайёрланиб, албатта, ўқишга кириб кетади, деб ишонишди.

Бу кунларда Гулноранинг қўлини сўраб, совчиларнинг кети узилмайдиган бўлиб қолди. Тўрт-беш совчиларни қайтарган ота-онаси кейинги йилда қизининг олийгоҳга киришини ўйласалар-да, энг сўнгги совчилар – ўзлари билан бир қишлоқда яшайдиган Нормат аканинг уйидан келган совчиларга, қизидан бу ҳақдаги муносабатини олди-да, розиликни бериб юборишди. Нормат ака мактабда директор ўринбосари, унинг аёли Зайнабой опа эса ўша мактабда инглиз тили фани ўқитувчиси бўлиб ишлайди.

Бу оилага куёв бўлмиш йигит Шоҳруҳ, ота касб деганларидек, олийгоҳни тугатиб, мактабда жисмоний тарбия фанидан дарс беради. Ўзи муаллим бўлганлигиданми, мактаб жамоасида ҳам, оилада, тенгдошларининг орасида ва бошқа жамоат жойларида ҳам юриш-туриши, хушмуомалалиги билан ажралиб турадиган йигит билан турмуш қуришдек бахтга муяссар бўлган Гулнора оила ҳақида умуман ўйламас эди.

Йигит ва қизнинг ота-оналари қуда бўлишга аҳд-паймон қилишиб, декабрь ойининг ўрталарида тўйни ўтказишга келишдилар.

Гулнора ва Шоҳруҳ ноябрь ойининг ўн тўртинчи кунида ўзлари яшайдиган тумандаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига бориб, никоҳ қуриш ҳақида ариза беришди. Ушбу бўлим томонидан берилган йўлланма асосида тиббий кўрикдан ҳам ўтдилар. Тиббий кўрик натижасини кўриб чиқаётган фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудираси икки ёшнинг соғлом эканлигидан мамнун бўлиб, уларнинг никоҳларини расман қайд этиб, уларга эр-хотин бўлганликлари ҳақидаги гувоҳномани топширди.

Орадан икки кун ўтиб, эл-юртга дастурхон ёзилиб, тўй ҳам бўлиб ўтди.

Лицейнинг охирги йилида салбий томонга ўзгариб кетган Гулнора никоҳнинг муқаддаслигидан ҳамда ота-онасининг берган тарбиясидан эс-ҳушини йиғиб олиб, ўз ота-онасининг ақлини оладиган даражада яхши қизга, ўз эрига нисбатан севикли ёрга, қайнота ва қайнонасига эса ораста келинга айланди-қолди.

Кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар ўтди. Бу орада Гулнора ва Шоҳруҳ бир ўғил ва бир қиз фарзандли бўлишди.

Олийгоҳга киролмаган Гулнора уйда бола парваришидан кейин қишлоқ марказида гўзаллик салонини очиб, аёлларга хизмат кўрсатиш ишини ўрганиб, ўзига касб қилиб олди.

Ҳамманинг ҳавасини келтирадиган Шоҳруҳга нимадир бўлди-ю, ёмонларга қўшилиб кетиб, ичкиликка ружу қўйди. Уйига ичиб, маст ҳолда келишни секин-секин одат қилиб ҳам олди. Фарзандларига ҳам муносабати кескинлашиб, худди бегонанинг боласидек қарайдиган бўлиб қолди. Гулнора эса ҳаммасига чидаб келди.

Шоҳруҳнинг бу юриш-туришлари мактабдаги ишига ҳам салбий таъсирини ўтказмай қолмади.

Ҳаёт шу зайлда давом этиб, хотини ҳам кўзига ёмон кўринадиган бўлиб қолди. Лекин, хотинини уйидан ҳайдаб юбормади. Вазият шу даражага бордики, хотини билан яшашга ортиқ тоқати қолмади, фарзандлари ҳам кўзига кўринмасдан, ажралишга қарор қилди.

Ўзи олий маълумотлилиги боис, ўртада фарзандлари борлиги учун ажралиш мақсадида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига эмас, балки никоҳни бекор қилиш бўйича ўзи яшайдиган тумандаги фуқаролик ишлари бўйича судга ариза билан мурожаат қилди.

Суд муҳокамаси ўтказиладиган кун ҳам тайинланди. Уйга суднинг чақирув хатини почтальон олиб келиб, Гулнорага топширди.

Бу ишлардан ҳангу манг бўлган Гулнора судга келиб, суд муҳокамасида иштирок этди.

Судда раислик қилувчи судья томонидан даъвогарнинг даъво талабини асослаб берилиши сўралди. Шоҳруҳ хотини Гулнора билан олти йил бирга яшаганлигини, икки нафар фарзанди борлигини, турмуши бошланишида яхши эканлигини, кейинчалик хотинини ёқтирмай қолганлигини асос деб кўрсатиб, оилани тиклашга беш-олти ойлик муҳлат ҳам бериб ўтирмасдан, бир йўла никоҳни бекор қилиниши сўради.

Шундан сўнг сўз олган жавобгар Гулнора даъвога нафақат қарши эканлигини, балки эрининг никоҳни бекор қилиш ҳақида судга мурожаат қилганлик сабабини ҳалигача тушуниб ета олмаётганлигини, ора-орада эри уйга маст ҳолда келиб, жанжал қилишини эътироф этса-да, буни ўтиб кетадиган ҳолат, деб умид қилиб, турмушлари яна асли ҳолига қайтишига чин кўнгилдан ишонишини, ҳозирда эри билан муносабатлари яхши бўлмаса ҳам, эрининг уйида бирга яшаётганлигини, никоҳлари бекор бўлса, ўзи ҳам кимгадир эрга тегиб кетар, Шоҳруҳ ака ҳам кимгадир яна уйланар, лекин кимлардир фарзандга зор бўлиб юрган бир пайтда, икки фарзандининг тирик етим бўлиб қолишини сира истамаслигини айтиб, суддан ажралиш ҳақида қарор чиқарилмаслигини илтимос қилди.

Суд музокаралари якунланиб, судья ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттирди: «Ўзбекистон Республикаси номидан ҳал қилув қарори. Даъвогар Ҳақбердиев Шоҳруҳнинг жавобгар Ҳақбердиева Гулнорага нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвоси асоссиз бўлганлиги сабабли даъвони қаноатлантириш рад этилсин. Қарордан норози тараф йигирма кунлик муддат ичида апелляция тартибида, бир йиллик муддат ичида кассация тартибида шу суд орқали фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига шикоят бериши, прокурор протест келтириши мумкин». Судья қарорни ўқиб бўлгач, эр-хотиннинг ярашиб кетишлари, ўртадаги фарзандларини ўйлашлари кераклигини айтди, агар ярашиш имкони бўлмаса, олти ойдан кейин никоҳни бекор қилиш ҳақида судга янгидан даъво билан мурожаат қилишга ҳақли эканликларини тушунтирди.

Суд идораларига умуман келмаган, оиласи бузилиб кетаётганлигидан бутунлай саросимага тушиб қолган Гулнора суд чиқарган қарордан рози бўлиб, оиласи сақланиб қолганлигидан ўзида йўқ хурсанд ҳолида уйга қайтди.

Шоҳруҳ эса уйга Гулнора билан бирга қайтмаган бўлса ҳам, йўл-йўлакай суд мажлиси муҳокамасида раислик этувчи судьянинг сўзлари унинг қулоғида такрорланар эди: «Никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъвонгизни кўриб чиқиш якунида даъвонгизни қаноатлантиришни рад этмасдан, эр-хотин ярашиб кетишлари учун олти ойлик муҳлат ҳам бердим, дейлик, Сиз бу характерингизда оилани тиклаб қолиш ҳаракатини қилмаслигингиз аниқ. Хўп, эр-хотин ўрталарингда ихтилоф бор, лекин ажрашиш учун жиддий важ келтиринг, десам, хотинимни ёқтирмайман, дейишдан бошқа сабаб айта олмаяпсиз. Никоҳни бекор қилиб берган тақдиримда, кейинчалик хотинингиз бошқа эрга тегиб кетса, қизингиз ва ўғлингиз ўзга эркакни «ота» деб юришини қандай ўзингизга қабул қиласиз?»

Уйига кириб борганида Шоҳруҳни ташқаридаги ўрик дарахти тагига қурилган, салқин жойдаги сўрида ўтирган икки фарзанди, отаси ва онаси қарши олди. Гулнора эса эри унга қандай муносабатда эканлигини билмай, қайнота ва қайнонасининг рухсати билан хонасидан ташқарига чиқмай турди. Ўғли ва қизининг бобоси ва бувиси олдида ўтирганлигини кўрган Шоҳруҳ, агар Гулнора у билан ажрашгач, бошқа эрга тегиб кетса, ўзининг зурриёдлари бўлган фарзандлари бутунлай бегоналарнинг бағрида юришларини кўз олдига келтира олди ва судьянинг адолат билан чиқарган қароридан розилик ҳисси билан чуқур бир хўрсиниб қўйди. Суднинг жазоловчи орган эмас, балки оилаларнинг сақланиб қолинишига ҳам ҳисса қўшадиган маҳкама эканлигини тушуниб етди. Ўзининг қилган иши хато эканлигини англаб, энди ҳеч қачон оиласини ташлаб қўймасликка қарор қилди.

Сўнгра сўрига бориб, ота-онаси билан кўришди, фарзандларини бағрига босиб турганида, ошхонадан чой кўтариб келган Гулнорага кўзи тушди: Гулнора бундай ҳолатни кўрганидан унинг икки кўзидан шодлик ёшлари дув-дув оқар эди.

Бузрукхон АБРОРОВ, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар