“МАҲАЛЛА – СЕКТОР – ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ – МАҲАЛЛА”

принципи асосидаги ҳамкорлик тизимини йўлга қўйиш орқали аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелда қабул қилинган “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5700-сонли Фармонида алоҳида қайд этилган

 

Шу йил 22 октябрь куни Фарғона шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси Ш.С.Жавлонов бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелда қабул қилинган “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5700-сонли Фармони ижросига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқарув раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Умарова, Фарғона вилояти маҳаллалар кенгаши бошқаруви раиси Ш.Х.Эрматов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Фарғона вилоят бўлими масъул ходимлари, вилоят, туман-шаҳар кенгашлари ижро аппаратлари масъул ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.

Брифингда сўз олган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси Ш.С.Жавлонов мустақиллик йилларида барча соҳалар қаторида жамиятимизнинг миллий бошқарув идораси бўлган маҳалла инситутини ҳар томонлама ривожлантириш, унинг жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганини алоҳида қайд этар экан, маҳалла фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатида юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди, деди.

Дарҳақиқат, дунёда ўхшаши йўқ ноёб тузилма – маҳалла алоҳида инситут сифатида шаклланди, аҳолига энг яқин халқчил тузилмага айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелда қабул қилинган “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5700-сонли Фармони маҳалланинг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролар йиғинлари ишини ташкил этишнинг замонавий механизмларини жорйи қилиш, соҳага малакали, бой ҳаётий тажрибага эга ва фидойи кадрларни жалб этишда муҳим дастуриламал бўлди.

Фармонда мурожаатлар билан ишлаш, аҳоли муаммоларини анқилаш ва ҳал этиш бўйича “Маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” принципи асосида ҳамкорлик тизими жорий қилинди, мазкур тизимнинг асосий йўналишлари ва ўзаро ҳамкорликнинг батафсил тартиби белгиланди. Фармонга кўра, ижро этувчи органларни аҳоли билан яқин ва ҳамжиҳатликда ишлашга, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Эндиликда аҳолини қийнаётган муаммо ва масалаларни ҳал этиш “қулоққа чалинган гаплар” асосида эмас, балки бевосита уйма-уй юриб, кенг жамоатчилик иштирокида кўриб чиқиш тизимининг амалга татбиқ қилингани масъуллар зиммасидаги масъулиятни янада оширди.

Сир эмас, айрим жойларда фуқаролар йиғинлари фаоляитига маҳаллий ҳокимлик вакилларининг асоссиз аралашуви туфайли кадрлар қўнимсизлиги билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд. Фармонга мувофиқ бундан буён бундай салбий ҳолатларга йўл қўйилмайди.

Республика маҳаллалар кенгаши томонидан Олий суд билан биргаликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашуви, фуқаролар йиғини раиси қарорини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик ҳамда фуқаролик йиғини раиси фаолиятининг кафолатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Айни вақтда Тошкент юридик институти қошида маҳалла раисларининг малакасини оширувчи институт ташкил этилмоқда.

Бирифингда Фарғона вилояти маҳаллалар кенгаши бошқаруви раиси Ш.Х.Эрматов кенгашнинг бугунги фаолиятини кенг шарҳлаб берди.

Бир сўз билан айтганда, Фармон маҳалла фаоллари учун чинакам ваколат, имконият ва масъулият берди. Бу ишонч ва масъулиятни эса фақатгина фидойи меҳнат билан оқлаш, маҳалла институтини ҳар томонлама ривожлантириш, уларнинг иш фаолиятини  янада жонлантиришга хизмат қилади.

Ушбу брифинг Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Фарғона вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўз мухбиримиз.       

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар