Кўрилди

САЙЛОВ ЖАРАЁНЛАРИНИНГ ҚОНУНИЙ КАФОЛАТИ

Маълумки, жорий йил якунида мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим сиёсий воқеа – Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Кўпчилик экспертлар томонидан бу сафарги сайлов жараёнлари аввалгиларидан тубдан фарқ қилиши, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ушбу жараёнда яққол ўз аксини топиши тахмин қилинмоқда.

Мазкур сайлов жараёнининг демократик, шаффоф ва энг асосийси, амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари асосида ўтади дейишга асослар етарли. Жумладан, мустақил Ўзбекистон Республикаси тарихида биринчи маротаба сайлов жараёни Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 июнь куни қабул қилинган Сайлов кодекси асосида амалга оширилади.

Ушбу Кодекснинг 1-моддасида белгиланган қоидага мувофиқ, янги Сайлов кодекси Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилайди. Мазкур қоиданинг мантиқий давоми сифатида кодекснинг 102-моддасида сайлов комиссияларининг қарорлари устидан тушган шикоятларни кўриб чиқиш тартиби белгиланган. Унга кўра, “Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилингандан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин” деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида”ги кодексининг 27-моддаси 1-қисми 3-бандида маъмурий судларнинг сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилиши кўрсатилган.

Мазкур нормалар Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигида демократик таомилларнинг акс эттирилиши ҳисобланиб, сайлов жараёнларини қонуний тарзда ўтишининг кафолати ҳисобланади.

Бахтиёр ЮЛДАШЕВ, Сўх туман маъмурий судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *